Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Тошкент вилоятида қарийб 2 минг нафар боғча тарбияланувчисининг овқатдан оммавий заҳарланишига сабабчи бўлган мансабдорларни лавозимидан озод этиш кераклигини айтди. У ишдан бўшатиш учун номзодлар қаторида Санитария-эпидемиология назорати вилоят бошқармаси бошлиғини, шунингдек, бошқарманинг туман бўлимлари раҳбарларини кўрсатди.
Бу ҳақда вилоят раҳбари кеча, 6 октябрь куни халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида айтиб ўтди.
"СЭСнинг барча раҳбарларини эгаллаб турган лавозимларидан озод қилиш керак. Вилоятлардан бошлаб, ҳаммани", - деди Мирзаев вазиятга изоҳ берар экан.
Шунингдек, у фақат бахтли тасодиф туфайли болаларнинг заҳарланишини даволаш учун 5-6 миллиард сўмлик дори-дармонларни ўз вақтида етказиб беришга муваффақ бўлганини айтди.
“Шунда Худо бизни асради. Билмадим, дори-дармонлар ўз вақтида етиб бормаса, нима бўларди", - деди вилоят раҳбари.
Шунингдек, у ҳодисада айбдор бўлган шахслар сони 11 кишига етганини қўшимча қилди. Улар ҳибсга олинган.
Эслатиб ўтамизки, Тошкент вилоятидаги мактабгача таълим муассасаларида 1,9 мингдан ортиқ бола оммавий заҳарлангани ҳақида 25 сентябрь куни маълум бўлган эди. Энг кўп жабрланганлар Бўстонлиқ туманида - 537 нафар бола қайд этилган. Шунингдек, Пскент, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ туманлари, Олмалиқ, Нурафшон ва Бекобод шаҳарларидаги боғчалар тарбияланувчилари ҳам заҳарланишдан шикоят қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 1-қисми (санитарияга оид қонун ҳужжатларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлаб етти киши айбланувчига айлангани хабар қилинган эди.
Изоҳлар мавжуд емас