Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қашқадарё вилоятида давлат маблағлари ҳисобидан 134 нафар талаба қизларнинг 2025/2026 ўқув йили учун контракт пуллари тўлаб берилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги қизлар - етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талаба қизлар қўллаб-қувватланди.
Вилоят ҳокимининг 22 декабрдаги қароридан маълум бўлишича, шартномаларнинг базавий қийматини тўлаш учун 1 млрд 127 млн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. Маблағлар "Аёллар дафтари" жамғармасидан ажратилиб, туман ва шаҳар ҳокимликлари орқали олий таълим муассасаларига белгиланган тартибда ўтказиб берилади.
Молиявий ёрдам Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши, Қарши, Китоб, Косон, Касби, Кўкдала, Миришкор, Муборак, Нишон, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларида таҳсил олаётган талаба қизларни қамраб олди.
Қарор Ўзбекистон президентининг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқларни амалга ошириш доирасида, шунингдек, илгари қабул қилинган ҳукумат ҳужжатлари асосида қабул қилинди.
Ажратилган маблағларнинг мақсадли ва ўз вақтида сарфланишини назорат қилиш вилоят ҳокимлиги, ички аудит хизмати ва масъул мутасаддилар зиммасига юклатилди.

Изоҳлар мавжуд емас