Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил 1 апрелдан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жавобгарликни ўтказиш тартиби амалга киритилди. Шу билан бирга, автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини 5 йил муддатга расмийлаштириш талаби ҳам жорий этилди.
Ҳукуматнинг 30 мартдаги 125-сон қарорига кўра, транспорт эгаси автомобилни бошқа шахсга берган ҳолларда қоидабузарлик учун жавобгарликни расман ўша шахсга ўтказиши мумкин. Бунинг учун ЯИДХП (my.gov.uz) портали ёки махсус мобил иловалар орқали Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига хабардор қилиш талаб этилади.
Тартибга мувофиқ, транспорт эгаси шахсий кабинет орқали сўровнома тўлдиради, бошқариш ҳуқуқини олган шахс эса электрон рақамли имзо, Mobile-ID ёки Face-ID орқали розилик билдиради. Хизмат учун БҲМнинг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Ижтимоий тармоқларда эса, айниқса, рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини 5 йилда бир янгилаш талаби танқидларга сабаб бўлмоқда. Фойдаланувчилар бу амалиёт ортиқча оворагарчилик келтириб чиқариши, ҳар беш йилда ҳужжатларни қайта расмийлаштириш зарурати қўшимча вақт ва харажат талаб қилишини таъкидламоқда.
Айримлар эса янги тартибнинг амалий жиҳатлари, жумладан, жараён қанчалик соддалаштирилиши ва ортиқча бюрократик тўсиқлар бўлмаслиги юзасидан саволлар билдирмоқда.
Бундан олдин Ўзбекистонда автотранспорт воситалари учун экологик стикерлар бериш тартиби тасдиқланганди. Ушбу стикерлар машинанинг атроф-муҳитга чиқарадиган зарарли моддалари даражаси ва экологик тоифасини кўрсатиб боради. Стикерлар автомобиль рўйхатдан ўтказилганда ёки қайта рўйхатдан ўтказилганда берилади, шунингдек, автосоҳибларнинг хоҳишига кўра расмий веб-сайт ёки my.gov.uz портали орқали ҳам расмийлаштирилиши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас