Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитаси нодавлат таълим соҳасидаги истеъмолчи мурожаатларини таҳлил қилиб, аҳоли энг кўп шикоят қилаётган ташкилотлар рўйхатини шакллантирди. 2024–2025 йиллар давомида ушбу соҳа бўйича 1 200 га яқин мурожаат келиб тушган.
Таҳлилларга кўра, қуйидаги ўқув марказлари ва онлайн платформалар фаолияти бўйича истеъмолчилардан энг кўп шикоятлар тушмоқда:
- "NEWTON ACADEMY", "NewTone school";
- "MyTeacher" онлайн инглиз тили курси;
- "Prep . uz" онлайн рус тили курси;
- "Бадавлат аёл" лойиҳаси;
- "Qadam Education" ўқув маркази;
- "Lerna", "Skillbox", "Geekbrains";
- "Interno Edu" МЧЖ;
- "Englify" МЧЖ;
- "Niyat Education";
- "Sevenedu" онлайн тил маркази
Хусусан, "Бадавлат аёл" лойиҳаси устидан шикоятлар оқими кўпайган. Жорий йилнинг июнь ойларида Рақобат қўмитаси лойиҳа ташкилотчилари фаолиятида бир қатор камчиликларни аниқлаган эди. Ушанда Фуқаролар мурожаатида дарслар 3 ойлаб ўтилмаса-да, "Uzum nasiya" орқали пластик карталардан ҳар ойлик тўловлар автоматик тарзда ечиб олинаётгани, машғулотларни профессионал бўлмаган шахслар олиб бориши, эътироз билдирган аёллар платформада блоклаб қўйилгани, ташкилотчиларнинг қўполлиги ҳақида айтиб ўтилган.
Истеъмолчилар мурожаатларида асосан дарсларнинг даражаси ваъда қилинганидан анча пастлиги, кўрсатилмаган хизматлар учун пул ундирилиши ёки ўқиш тўхтатилганда маблағни қайтариб ололмаслик, Uzum Nasiya, Shaffof moliya, Paylater каби платформалар орқали олинган ўқув курслари шартномаларини бекор қилишдаги қийинчиликлар тилга олинган. Шунингдек, камчиликлар қаторига рекламада берилган жозибадор ваъдаларнинг амалда бажарилмаслиги ҳам айтиб ўтилган.
Энг қизиқ томони, лойиҳага Инстаграм орқали битта тугмани босиб аъзо бўлиш мумкин, бироқ шартномани бекор қилиш учун Тошкентга келиш талаб этилган.
Рақобат қўмитаси пул ва вақтингизни йўқотмаслик учун хизмат кўрсатувчининг фаолият юритиш учун қонуний рухсатномаси борлигига ишонч ҳосил қилишни, пулни қайтариш тартиби ва шартномани бекор қилиш бандларини диққат билан ўрганишни сўраган.

Изоҳлар мавжуд емас