Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиззах вилоятида Ўзбекистон Экологик партияси раиси Абдушукур Ҳамзаев мактаб ўқувчилари билан биргаликда кўчат экиш тадбирида иштирок этди. У болаларга дарахт экиш жараёнини амалий кўрсатиб берди, суҳбат жараёнидаги ҳазиломуз мулоқот эса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.
Тадбир давомида Ҳамзаев болаларга мурожаат қилиб: "Энди катталарга ҳам бир дарс ўтайлик", — деди.
Шунда болалардан бири сўради:"Катталар билмайдими?"
Раис кулимсираб жавоб берди: "Катталар билмайди-да! Шунинг учун улар эккан дарахтлар қуриб кетаяпти. Бугун сизлар билан экамиз — катталарга ҳам дарс бўлсин".
Суҳбат давомида яна бир бола сўради: "Катталар мактабда ўқимаганми?
Ҳамзаев табассум билан жавоб қайтарди: "Тўғри айтяпти, катталар ўқимаган, шунинг учун дарахтни кўкартиришни билмайдилар", — деди раис. Шу пайтда болаларни тинчлантиришга ҳам тўғри келди — улар нокулай саволлар бермасликлари учун.
Видеолавҳа тармоқларда тез тарқалди ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик фойдаланувчилар болаларнинг саволларини табиий ва самимий деб баҳолади.
Изоҳлардан бири шундай ёзилган: "Болалар ҳар доим тўғри гапиради. Тўғри гапирган пайти оғзини тўсмаслик керак. Зўр суҳбат бўлаяпти".
Яна бир фойдаланувчи эса таъкидлади: "Ҳозирдан шундай савол бераётган болалар келажакда ўз ҳуқуқларини аниқ талаб қила олади. Улардан умид катта".
Маълумот учун, тадбир Жиззах вилоятида ташкил этилган "Яшил келажак сари" экофорум доирасида ўтказилди. Форум Ўзбекистон Экологик партияси томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган.
Тадбир Жиззах политехника институти ҳудудидаги "5000 қадам юриш" акцияси билан бошланиб, кейин Шароф Рашидов туманидаги Тоқчилик маҳалласи ва 61-мактаб ҳудудида кўчат экиш билан давом этган.
Ҳамзаев тадбирда иштирок этган ўқувчиларга кўчатларни тўғри парвариш қилиш, сув билан таъминлаш ва агротехника талабларига риоя этиш бўйича амалий кўрсатмалар берди. Ҳар бир кўчат учун масъул ўқувчи бириктирилиб, унинг кейинги парвариши назоратга олинди.

Изоҳлар мавжуд емас