Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эроннинг "Бушер" атом электр станциясида фаолият юритаётган "Росатом" корпорациясининг 164 нафар ходими, шу жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам Арманистон орқали хавфсиз ҳудудга олиб чиқилди. Эвакуация жараёни станция ҳудудига берилган тўғридан-тўғри зарбадан сўнг амалга оширилган.
Россиянинг Еревандаги элчихонаси маълумотига кўра, мутахассислар Ереван орқали махсус рейс билан Москвага етказилган. Эвакуация қилинганлар орасида россияликлар билан бир қаторда Ўзбекистон, Беларус ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор. Россия томони эвакуацияни тезкор ташкил этишда кўрсатган амалий ёрдами учун Арманистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирган.
"Росатом" бош директори Алексей Лихачёвнинг таъкидлашича, ходимларни олиб чиқишнинг яна иккита тўлқини апрель ойи бошига режалаштирилган. Шу билан бирга, станция майдончасининг хавфсизлигини таъминлаш ва келгусида ишларни қайта тиклашга тайёргарлик кўриш учун ходимларнинг бир қисми объектда қолиши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 17 март куни кечқурун Эрондаги ягона атом электр станцияси бўлган "Бушер" ҳудуди жорий можаро бошланганидан бери илк бор бевосита ҳужумга учраган. Снаряд станциянинг ҳимояланган периметри ичида жойлашган метрология хизмати биноси яқинидаги саноат майдончасига тушган.
Эрон Атом энергияси ташкилоти (ОАЭИ) берган маълумотга кўра, зарба ишлаб турган энергия блокига яқин масофада содир бўлган бўлса-да, инфратузилмага критик шикаст етмаган ва қурбонлар берилмаган.
Ҳозирда станциядаги вазият мутахассислар назоратида бўлиб, хавфсизлик чоралари максимал даражага кўтарилган.

Изоҳлар мавжуд емас