Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Пойтахтнинг Боғсарой маҳалласи аҳолиси давлат идораларидан Grand Mir Hotel меҳмонхонаси ўрнида 30 қаватли бинолар қурилиши бўйича тушунтириш олган. Кутилмаган нарса маълум бўлган - тўлиқ келишилган ва "юқоридан тасдиқланган" деб тақдим этилган қурилиш аслида ҳуқуқий асосга эга эмаскан.
Эслатиб ўтамизкр, Тошкентнинг Яккасарой туманидаги меҳмонхона ўрнида 30 қаватли бизнес маркази ва савдо маркази қурилиши кўзда тутилган. Лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган маҳалла аҳолиси бу ҳолатни ўрганиб, у мавжуд бош режага, шунингдек, Шаҳарсозлик кодексининг турар-жой ҳудудида бундай биноларни қуришни тақиқловчи бир қатор моддаларига зид эканлигини аниқлади.
Адвокатлар фуқаролар номидан давлат идораларига мурожаат қилишди - жавоблар ҳатто маҳалла аҳолиси учун ҳам кутилмаган бўлди. Хусусан, Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бўлим бошлиғининг 2025 йил 11 августдаги жавобида 30 қаватли уйлар лойиҳаси бўйича Архитектура ва шаҳарсозлик кенгашига ҳозирча мурожаат келиб тушмагани айтилган.
Шундай қилиб, лойиҳани келишишнинг асосий тартиб-таомили мавжуд эмас. Бироқ аввалроқ ОАВда вазиятдан хабардор манбага таяниб, у Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгашида кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берилганди.
"ТошкентбошпланЛИТИ" бош лойиҳа институтининг 2025 йил 14 августдаги расмий жавобида меҳмонхона ҳудуди Тошкентнинг янги бош режаси бўйича "реконструкция" зонасига киритилгани кўрсатилган. Бироқ, шаҳар муҳитини батафсил режалаштириш лойиҳаси (БРЛ) ҳали ишлаб чиқилмаган. Бу шуни англатадики, зич турар-жой биноларида 30 қаватли минораларни қуриш учун ҳеч қандай аниқ ҳужжат мавжуд эмас.
Шу билан бирга, илгари қурувчи ва туман ҳокимлиги вакиллари лойиҳа барча идораларда келишилганини таъкидлаган эди. Энди маълум бўлишича, юридик маънода бўлажак қурилишнинг мустаҳкам пойдевори йўқ экан.
"Агар бугун батафсил режалаштириш лойиҳасиз ва архитектура кенгашида кўриб чиқмасдан осмонўпар биноларни қуришни бошлаш мумкин бўлса, эртага Тошкентдаги ҳар қандай ҳовли хавф остида қолади. Шаҳарликлар қурувчи компанияларнинг ўзбошимчалиги билан яккама-якка қолишади, Бош режа эса оддий қоғозга айланади", - дея ёзади "Боғсарой" маҳалласи аҳолиси таҳририятимизга йўллаган мактубида.
Аҳоли ҳуқуқий майдонда ҳаракат қилмоқда: қурилишга йўл қўймаслик ва шаҳарнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш талаби билан петиция остида минглаб имзолар жамланган. Улар ўз мурожаатларини президент Шавкат Мирзиёевга, Вазирлар Маҳкамасига, Бош прокуратурага, Қурилиш вазирлигига, шунингдек, шаҳар ҳокимлиги ва халқ депутатлари Кенгашига йўллаган. Маҳалла қўмитаси бутунлай улар томонда. Бу - соғлом фуқаролик жамияти намунаси ва бу бутун шаҳар учун муҳимдир.
"Grand Mir Hotel билан боғлиқ воқеа - бу фуқароларнинг қурувчи билан шахсий можароси эмас. Бу бугунги кунда шаҳарнинг эгаси ким -аҳолими ёки қурилиш корпорациялари, деган масалани аниқлаш учун синовдир", - дейди "Боғсарой" маҳалласи вакиллари.
Маҳалла аҳли ўз танловини қилди - одамлар ўз уйларини ва шаҳарни ҳимоя қилмоқда. Ҳокимият эса ҳозирча расмий жавоблар билан чекланмоқда. Шаҳар ҳокимлиги лойиҳага алоқаси йўқлигини айтди, Яккасарой тумани ҳокимлиги эса Grand Mir Hotel хусусий компанияга тегишли эканлигини таъкидлади - амалдорлар тадбиркорларнинг ишларига аралаша олмайди.
Шу билан бирга, фуқаролик текшируви ва давлат идораларининг расмий жавоблари шуни кўрсатдики, лойиҳанинг қонуний асослари йўқ. Энди бу ҳолатларни тан олиш ва қурилишга йўл қўймаслик ёки Тошкентда исталган жойда ва ҳеч қандай қоидаларсиз исталган нарсани қуриш мумкинлигини узил-кесил тасдиқлаш қарор қабул қилувчиларнинг зиммасида.
Изоҳлар мавжуд емас