Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 18 февраль куни, Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ўтган мулоқотда Fair Metal компанияси вакили давлат харидларида ташкилотлар техник талабларни ўзгартириш ва ЎзДСТ стандартларини баҳона қилиб ҳисоб-фактураларни кечиктираётганини очиқлади. Натижада тадбиркорларнинг айланма маблағлари ойлаб музлаб қолмоқда. У бу борада Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовдан амалий ечим топишни сўраган.
"Хўп, муаммомиз шуки, мол етказиб берганимизда давлат корхоналари қабул қилиши жуда ҳам узоқ. Ичкарида муаммо бор. Қабул қилмаслик йўлларини ўйлаб топишади, жуда кўп. Стенкалари ёки бўлмасам, техник заданияларда қўшимчалар, ГОСТлардаги ўзгаришлар. Муаммо фактурани қабул қилмаслиги, биржа орқали тасдиқламаслиги бўляпти", деган тадбиркор.
Тадбиркорларнинг таъкидлашича, буюртмачилар товарни олиб келгандан сўнг атайин "айб қидириш" тактикасини қўлламоқда. Техник вазифаларда бўлмаган талабларни ўйлаб топиш ва ҳужжатларни имзоламаслик орқали тўлов муддатлари асоссиз узайтирилмоқда. Айниқса, раҳбарларнинг имзо қўймаслиги сабабли жараён суд даражасигача етиб бормоқда.
Мазкур тизимли муаммога жавобан соҳа мутасаддилари тизим солиқ базаси билан тўлиқ интеграция қилиниши ва ишончномалар автоматик тарзда шакллантирилишини эълон қилди.
Эндиликда юкни қабул қилиб олувчи масъул шахснинг маълумотлари ва телефон рақами тизимда очиқ кўринади.
Ҳисоб-фактураларни тасдиқлаш ва рад этиш жараёнлари устидан қатъий рақамли назорат ўрнатилиб, асоссиз рад этишлар бўйича "светофор" рейтинги орқали жавобгарлик белгиланади.

Изоҳлар мавжуд емас