Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда тарқалган 2026 йилдан бошлаб "экологик ҳудуд" тартибини бузганлик учун жарима солиниши ҳақидаги хабарлар рад этилган. Айтилишича, чекловлар босқичма-босқич жорий этилади.
Ноябрь ойида Ўзбекистонда автотранспорт воситалари учун экологик стикерлар бериш тартиби тасдиқланганди. Ушбу стикерлар машинанинг атроф-муҳитга чиқарадиган зарарли моддалари даражаси ва экологик тоифасини кўрсатиб боради.
Расмий маълумотларга кўра, "Экологик транспорт" тизими доирасидаги жарима чоралари фақат 2028 йилдан бошлаб кучга киради. 2026 йил эса тизимни синовдан ўтказиш, ҳайдовчиларни хабардор қилиш ва аҳоли ўртасида экологик маданиятни шакллантириш даври сифатида белгиланган.
Агар автомобилга дастлаб "сариқ" ёки "қизил" стикер берилган бўлса, транспорт воситасини техник созлаш орқали унинг тоифасини "яшил"га ўзгартириш мумкин.
Республика бўйлаб ташкил этилган замонавий марказларда автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш ва экологик даражасини аниқлаш имкони яратилган.
Йўл ҳаракати хавфсизлигининг ягона электрон тизими ва махсус камералар орқали ҳайдовчилар қайси ҳудудларга кириш тақиқлангани ҳақида олдиндан хабардор қилинади.
Лойиҳанинг асосий мақсади автомобиллардан чиқаётган заҳарли газлар миқдорини камайтириш ва шаҳарларда ҳаво сифатини яхшилашдан иборат. 2026 йил давомида ҳеч ким жаримага тортилмайди, бу вақт ҳайдовчиларга ўз автомобилларининг техник ҳолатини яхшилаш ва янги тизимга мослашиш учун берилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, сифатли ёқилғидан фойдаланиш ва транспортни ўз вақтида техник кўрикдан ўтказиш экологик хавфсизликни таъминлашнинг энг самарали йўлидир.

Изоҳлар мавжуд емас