Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Юксалиш" ҳаракати шахсий фойдаланиш учун товарларни божсиз олиб кириш бўйича амалдаги меъёрлар юзасидан баёнот бериб, тариф сиёсати бозорни қимматлаштириш ва монополияни кучайтириш механизмига айланиб қолмаслиги кераклигини таъкидлади.
Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб Ўзбекистонга божсиз олиб киришнинг янги чекловлари кучга кирди: авиақатновлар учун - 1000 доллар, темир йўл орқали кириш учун - 500 доллар, автотранспортда чегарани кесиб ўтиш учун - 300 доллар, халқаро курьерлик жўнатмалари учун - 200 доллар ва почта жўнатмалари учун - 100 доллар. Бироқ, экспертларнинг таъкидлашича, ушбу меъёрлар фуқароларнинг молиявий юкини оширган ва рақобат муҳитига салбий таъсир қилган.
"Юксалиш" маълумотларига кўра, божлар амалда йирик импортчилар ва расмий дистрибьюторлар учун қулайлик яратади, оддий фуқаролар эса ортиқча тўлашга мажбур. Юқори ставкалар (30% гача) товарларнинг қимматлашишига, ассортиментнинг қисқаришига, сифатнинг ёмонлашишига ва кичик бизнес мавқеининг заифлашишига олиб келади.
Мутахассислар қуйидагиларни таклиф қилмоқда: чекловлар ва ставкаларни фақат қонун даражасида белгилаш;шахсий ва тижорий олиб киришни аниқ чегаралаш; ягона 30 фоизлик ставкаларни эмас, балки прогрессив ставкаларни қўллаш; мамлакатда етарлича рақобат бўлмаган товарлар учун шартларни юмшатиш;шунингдек, қурилмаларни UzIMEI орқали рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш, яъни 1-2 та шахсий гаджетни олиб киришда уни бепул қилиш.
"Юксалиш"нинг таъкидланишича, шахсий истеъмол товарларини олиб кириш учун юқори бож фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини чеклайди ва иқтисодий эркинлик тамойилларига зиддир.
"Божхона сиёсати тўсиқлар яратишга эмас, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва соғлом рақобатни ривожлантиришга қаратилган бўлиши керак", - дейилади мурожаатда.
Эслатиб ўтамизки, Божхона қўмитаси товарларни божсиз олиб кириш лимитлари нима учун қисқартирилганини тушунтирди. Қайд этилишича, чекловлар шахсий фойдаланиш учун имтиёзлардан тижорат мақсадларида фойдаланилган кўплаб суиистеъмолликлар билан боғлиқ.
Изоҳлар мавжуд емас