Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда ташувчи айби билан поезд кечиккан ҳолларда йўловчиларга пуллик компенсация тўлаш тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда. Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, сўнгги вақтларда поездларнинг жадвалдан кечикиши бўйича мурожаатлар кўпайган.
Хусусан, 2025 йил давомида ушбу масала юзасидан 51 та шикоят келиб тушган. Айрим ҳолатларда поездлар 40 дақиқадан 1 соатгача кечикиб келаётгани, чипталарда эса аниқ вақтлар нотўғри кўрсатилаётгани қайд этилган.
Ўрганишлар давомида амалдаги қонунчиликда ташувчи айби билан поезд кечиккан ҳолларда йўловчиларга компенсация тўлаш тартиби белгиланмагани аниқланган. Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси Транспорт вазирлигига тегишли таклиф киритган.
Транспорт вазирлиги маълум қилишича, ҳозирда "Темир йўл транспортида йўловчиларни ташиш қоидалари"нинг янги таҳрири ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, маҳаллий йўналишларда (оддий ва тез юрар поездлар) кечикиш ҳолатларида қуйидаги миқдорларда компенсация тўлаш белгиланмоқда:
— 15–30 дақиқа кечикса — чипта қийматининг 15 фоизи;
— 31–60 дақиқа — 25 фоиз;
— 61–120 дақиқа — 50 фоиз;
— 121 дақиқадан ортиқ — 100 фоиз.
Маълумот учун, бундай тартиб ҳозиргача фақат "Афросиёб" поездлари учун амал қилиб келган. Янги қоидалар қабул қилинса, ушбу амалиёт барча маҳаллий поездларга татбиқ этилади.
Қўмитага кўра, мазкур ўзгаришлар йўловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва темир йўл хизматлари сифатини оширишга қаратилган.

Изоҳлар мавжуд емас