Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳижрий 1447 йил Рамазон ойининг биринчи куни 2026 йил 19 февраль — пайшанба кунига тўғри келишини расман эълон қилди. 17 февраль куни мамлакатимизда ва минтақанинг аксар давлатларида ой ҳилоли кузатилмагани ушбу қарорга асос бўлди.
Жорий йилда Рамазон ойининг бошланиши борасида дунё мамлакатларида икки хил ёндашув кузатилди. Айрим ҳудудларда янги ой кўринган бўлса, бошқа минтақаларда об-ҳаво шароити ёки географик жойлашув сабабли уни кузатиш имкони бўлмаган.
Астрономик ҳисоб-китоблар ва амалий кузатувларга кўра, Ўзбекистон билан бир вақтда қуйидаги давлатларда ҳам муборак ойни пайшанба кунидан бошлайди:
Марказий Осиё: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон.
Яқин Шарқ ва Шимолий Африка: Миср, Тунис, Ливия, Иордания, Сурия, Уммон ва Эрон.
Осиё ва Океания: Туркия, Россия, Озарбайжон, Покистон, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Япония ва Жанубий Корея.
Шунингдек, Европа фатво ва тадқиқотлар кенгаши ҳам 19 февраль санасини тасдиқлаган.
Айрим араб мамлакатларида эса 17 февраль оқшомида янги ой ҳилоли кўрингани расман маълум қилинди. Шу муносабат билан чоршанба куни биринчи рўза куни деб эълон қилинган.
Жумладан, Қатар, Саудия Арабистони, БАА, Қувайт, Баҳрайн, Фаластин, Ливан, Яман, Ироқ ва Судан шулар қаторида.
Ўзбекистонда Рамазон ойининг бошланиш санаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ҳамда Фанлар академияси Астрономия институти хулосалари асосида Шаъбон ойини 30 кун деб белгилаш орқали қабул қилинди.

Изоҳлар мавжуд емас