Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентдаги Шота Руставели кўчасида реконструкция якунланиб, автобуслар учун алоҳида йўлакларга эга “ақлли” BRT транспорт тизими ишга туширилгандан сўнг, йўловчилар оқими соатига 2,5 минг нафардан 6 минг нафаргача ошди. Йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти кунига 40 мингта автомобилга етди, ҳаракатнинг ўртача тезлиги эса 23 км/соатдан 30 км/соатгача кўтарилди. Лойиҳани амалга ошириш шаҳарга 19,2 миллион долларга тушди.
Бу ҳақда Президентнинг Шота Руставели кўчасига ташрифи вақтида маълум бўлди. Мазкур кўча Тошкентнинг бир нечта туманларини боғловчи марказий магистраллардан бири ҳисобланади. Транспорт оқимини яхшилаш мақсадида бу ерда Мирабад кўчасидан Чоштепа кўчасигача бўлган қарийб етти километрлик йўл участкаси реконструкция қилинди.
Эндиликда ҳаракат 10 та қатнов қисмига бўлинган: уларнинг олтитаси автомобиллар учун, иккитаси автобуслар учун, яна иккитаси эса автотураргоҳ учун мўлжалланган. Шунингдек, лойиҳа доирасида 20 дан ортиқ янги автобус бекатлари ва 460 дан зиёд "ақлли" светофорлар ўрнатилиб, интеллектуал транспорт тизими жорий этилди. Шу билан бирга, автотураргоҳ зоналари, велосипед йўлаклари, яшил ҳудудлар, суғориш ва дренаж тизимлари ҳам назарда тутилган.
Таъкидланишича, бу – Тошкентда илк бор интеллектуал транспорт тизими BRT (Bus Rapid Transit) – жамоат транспорти учун ажратилган махсус йўлакларнинг жорий этилиши ҳисобланади.
"Агар метро йўллари қурмаганимизда, янги автобуслар олиб келмаганимизда бугун Тошкентда транспорт қатнови қийин бўларди. Шунинг учун одамларни рози қилиш нуқтаи назаридан йўлларни тўғрилаяпмиз, жамоат транспортини ривожлантиряпмиз. Бундай ишларни барча шаҳарларимизда давом эттирамиз", – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентга, шунингдек, автобуслар учун ажратилган йўлаклар тармоғини кенгайтириш ва пойтахт атрофида транспорт тугунларини яратиш бўйича лойиҳалар ҳам тақдим этилди. Давлат раҳбари мутасаддиларга тирбандликларни қисқартириш ва Тошкент ҳамда Янги Тошкент ўртасида самарали транспорт алоқасини таъминлаш чораларини кўришни топширди.
Изоҳлар мавжуд емас