Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 30 март куни техник сабабларга кўра Тошкент ва Андижон йўналишлари бўйича қатнайдиган бир нечта йўловчи поездларининг ҳаракати вақтинча тўхтатилди. "Ўзбекистон темир йўллари" компаниясининг хабар беришича, айрим рейсларнинг жўнаш манзили ҳам ўзгартирилган.
Бекор қилинган поездлар рўйхатига №733 Андижон – Тошкент, №730/729 Тошкент – Андижон – Тошкент ҳамда №92 ва №94-сонли Тошкент – Андижон йўналишлари киритилган.
Шунингдек, 30 ва 31 март кунлари №125/126 Андижон – Хива ҳамда бугунги №129/130 Андижон – Термез йўналишидаги поездлар Тошкентнинг Жанубий вокзалидан ҳаракатланади.
Ҳозирда юзага келган ўзгаришлар бўйича қўшимча маълумотларни вокзал кассалари ёки 1005 қисқа рақами орқали олиш мумкин. Харид қилинган чипта учун тўловлар тўлиқ қайтариб берилиши маълум қилинган.
Йўловчилардан сафарларини режалаштиришда ушбу техник ўзгаришларни инобатга олишлари сўралган.

Изоҳлар мавжуд емас