Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси аралашуви билан уй-жой қурувчи ташкилотлар томонидан шартнома шартларини бузганлик учун фуқароларга тўланган маблағларни қайтариш бўйича суд қарорлари чиқарилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида "GLAMUR GOLD", "TRANSPORT FREE GROUP", "LUCKY TECHNICAL", "BROCCOLI PLUS" ҳамда "NUR" МЧЖлар фуқаролар билан тузилган шартнома мажбуриятларини бажармагани аниқланган.
Хусусан, истеъмолчилар тўловларни ўз вақтида амалга оширган бўлса-да, қурувчи ташкилотлар хонадонларни белгиланган муддатларда топширмаган.
Қўмита томонидан жами 32 нафар фуқаро манфаатида 11 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ундириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилган.
Суд томонидан 16 нафар истеъмолчи фойдасига жами 6,7 миллиард сўм маблағни қайтариш бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган.
"Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 19-моддасига биноан, ижрочи ишларни шартномада белгиланган муддат, ҳажм ва сифат талабларига мувофиқ бажариши шартлиги таъкидланган.
Ҳозирда қолган истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд ишлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, "Golden House" ҳам қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича огоҳлантирилганди.

Изоҳлар мавжуд емас