Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Экологик транспорт" лойиҳаси доирасида автомобилларга махсус стикерлар жорий этиш ва шаҳар ҳудудларини зоналарга ажратиш режаси яна бир бор кўчирилди. Янги сана бугун, 22 ноябр куни Экология миллий қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда эълон қилинди.
Ҳаво сифатининг ёмонлашувига бағишланган тадбирда вазирлик ва идоралар вакиллари республика шаҳарларида кузатилаётган ифлос қуюқ тутун сабаблари, янги иқлим маълумотлари ва яқин вақтларда амалга оширилиши кутилaётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Экология ва иқлим ўзгариши бўйича Миллий қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов "Тоза ҳаво" номли янги умуммиллий лойиҳанинг тафсилотларини очиқлади. Унинг айтишича, соғлом атмосфера учун кураш бир нечта йўналишлар бўйича олиб борилади — экологик жамоат ва шахсий транспортни ривожлантириш, қурилиш сифатини яхшилаш, кўкаламзорлаштириш ва чўлланишга қарши кураш.
Транспорт бўйича чоралар орасида экологик автобуслар сонини кўпайтириш, Trade In тизимини жорий этиш, АИ-80 бензинидан воз кечиш ҳамда Тошкентда автомобиллар учун стикерлар тизимини 2026 йил 1 апрелдан ишга тушириш белгиланди.
"Кутилган норозиликларга қарамай, қарор якуний. Бу тизим зарур, у бошқа мамлакатларда ўз самарасини кўрсатган", – деди Абдуҳакимов.
Шунингдек, ҳаво ифлосланишида транспорт ҳиссаси 16 фоизни, саноат объектлари, иссиқхоналар ва хусусий уйларнинг иситиш тизимлари 28 фоизни, табиий омиллар эса 36 фоизни ташкил этиши қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, экостикерлар тизими аввал 2024 йил июн ойида ишга туширилиши керак эди. Кейин сана 2025 йил мартга, сўнг 2026 йил январга кўчирилган. Дастурга кўра, шаҳар ҳудуди "яшил", "сариқ" ва "қизил" зоналарга бўлинади. Ҳайдовчилар фақат ўз автомобилининг стикери рангига мос зоналарга кира олади, акс ҳолда — талабларга жавоб бермайдиган машина учун компенсация тўлашга тўғри келади. Тизимни республика бўйлаб тўлиқ жорий этиш 2035 йилгача якунланиши режалаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас