Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Пойтахт жамоат транспортида йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланиш ҳолатларига қарши назорат кучайтирилди. Давлат муассасаси инспекторлари томонидан ўтказилган рейдлар давомида минглаб қоидабузарликлар аниқланган.
"Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш" давлат муассасаси назоратчилари томонидан ўтказилган кучайтирилган рейд тадбирлари натижасида, 2026 йилнинг январь ойи давомида автобусларда чиптасиз юрган 11 502 нафар йўловчи аниқланган.
Аниқланган барча ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 144-моддаси 5-қисмига (Йўловчининг автобусда чиптасиз юриши) асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган ва белгиланган тартибда жарималар қўлланилган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, жамоат транспорти тизимининг барқарор ишлаши бевосита тушумларга боғлиқ. Айтилишича, пойтахтда жамоат транспортидан фойдаланиш маданиятини ошириш ва тўлов интизомини мустаҳкамлаш бўйича назорат тадбирлари доимий равишда давом эттирилади.
2025 йилнинг бошидан Тошкентдаги автобус йўловчилари йўл ҳақини нақд пул билан тўлашга урингани учун жаримага тортилиши белгиланган эди. Пойтахт автобусларида бундай тўлов усули бутунлай тақиқланган.

Изоҳлар мавжуд емас