Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бир кун аввал ижтимоий тармоқларда Яккасарой тумани аҳолисининг мурожаати тарқалди: улар қурилаётган турар-жой мажмуалари ёнида ҳавода муаллақ турган қурилиш чангидан шикоят қилишган. Тошкент шаҳар Экология бошқармаси ҳолатга муносабат билдириб, қурилиш раҳбариятига жарима тўлашни буюрди.
Маълум қилинишича, туман инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўрганилган, таҳлил лабораторияси жалб қилинган.
Текширув натижасида қурилишда экологик талаб ва меъёрлар бузилганлиги аниқланган. Қурилиш чангининг атроф-муҳит ва аҳолига салбий таъсири ҳам қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарликка йўл қўйган қурилиш ташкилоти раҳбарига нисбатан 85-модда (Атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмларни чиқариш, унга зарарли физикавий таъсир кўрсатиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Мазкур модда биринчи марта қўлланилганда мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 7 бараваригача (1,2 млн сўмдан 2,9 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, қурувчилар учун ҳавони ифлослантирганлик учун жарималар жорий йилнинг ёзида кучга кирди.
Изоҳлар мавжуд емас