Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Юнусобод тумани ҳокимлиги "Адолат" маҳалла аҳолиси томонидан барпо этилган яшил боғ ҳудудини сотувга чиқарган эди. Тошкент шаҳар маъмурий судининг тафтиш инстанцияси Юнусобод тумани ҳокимлигининг маҳалладаги дарахтзорни сотиш мақсадида киритган шикоятини қаноатлантиришни рад этди.
Аввалроқ апелляция суди ушбу ерни "харидор"да қолдиришга қарши қарор чиқарган бўлса-да, ҳокимлик ушбу қарордан норози бўлиб, Тошкент шаҳар маъмурий судига тафтиш шикояти киритган.
Тошкент шаҳар маъмурий суди тафтиш инстанцияси ҳокимликнинг важларини кўриб чиқиб, дарахтзорни йўқ қилишга асос бўлувчи шикоятни рад этган. Натижада, аҳоли томонидан яратилган "яшил ҳудуд"ни сақлаб қолиш бўйича чиқарилган аввалги суд қарори ўз кучида қолган.
Мазкур ҳолат жамоатчилик фаоллари томонидан кескин танқид қилинмоқда. Хусусан, мамлакатда экологик вазият ёмонлашиб, ҳаво ифлосланиши кузатилаётган бир пайтда, маҳаллий давлат органининг тайёр дарахтзорни йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлари "нотўғри қарор" ва экологик манфаатларга зид фаолият сифатида баҳоланмоқда.
Аввалроқ, юнусободликлар ўзлари эккан яшил боғни сақлаб қолишга муваффақ бўлишгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Бобур кўчасида 200 га яқин дарахт ваҳшийларча кесилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас