Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ТИВ Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Қатар амири аппарати ходимлари ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Ташқи сиёсат идораси хабарида таъкидланишича, расмийларнинг ўлими ҳақидаги фожиали хабар чуқур қайғу билан қабул қилинди.
"Миср Араб Республикасининг Шарм аш-Шайх шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Қатар давлати амирлик саройининг уч нафар ходими ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик", - дейилади хабарда.
Шарм аш-Шайхдан тахминан 50 километр узоқликда содир бўлган ҳалокатли ЙТҲ ҳақида 12 октябрга ўтар кечаси маълум бўлди. El Fagr газетасининг ёзишича, Ғазо секторидаги вазият бўйича музокараларда иштирок этаётган Қатар делегацияси аъзолари аварияга учраган. AP хабарига кўра, дипломатлар Қатар протокол гуруҳидан бўлган. Абдуллоҳ бин Ғанем ал-Хаярин, Ҳасан ал-Жобир ва Сауд бин Тамер ал-Тан ҳалок бўлган.
Кейинроқ Al Jazeera Қатарнинг Мисрдаги элчихонаси дипломатларнинг ўлими ҳақидаги маълумотни тасдиқлаганини маълум қилди. Дипломатик ваколатхона маълумотларига кўра, делегация таркибидаги яна икки киши жароҳатлар билан Шарм аш-Шайх халқаро касалхонасига ётқизилган.
Аввалроқ Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув кучга кирганидан кейин минглаб фаластинликлар Ғазо томон шимолга, ўз уйларига қайтаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳлар мавжуд емас