Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда уч нафар хорижлик шахс Ўзбекистон миллий валютасини ёқиб, унинг оловидан тамаки тутатгани акс этган видео тарқалди.
Кадрлардаги суҳбат ва нутққа асосланиб, видеода тасвирланган шахслар Хитой Халқ Республикаси фуқаролари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Kun.uz хабарига кўра, мазкур шахслар Тошкент вилоятида жойлашган корхоналардан бирида фаолият юритаётган хитойлик ишчилар ҳисобланади. Улар 2 минг сўмлик банкнотани ёқиб, ундан фойдаланган.
Айни пайтга қадар мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар расмий муносабат билдирмаган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, миллий валютага нисбатан ҳурматсизлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Хусусан, Жиноят кодексининг 215-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизлик қилиш БҲМнинг 25 бараваригача жарима, 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий валютасида давлат герби тасвири мавжуд.

Изоҳлар мавжуд емас