Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Миллий статистика агентлигининг 2025 йилги ҳисоботига кўра, мамлакатда кеч фарзанд кўриш кўрсаткичлари оталар кесимида оналарга нисбатан сезиларли даражада юқорилигича қолмоқда.
2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда жами 664,6 минг нафар чақалоқ тирик туғилган бўлиб, уларнинг 9 351 нафари (1,4 фоизи) 40 ёш ва ундан катта ёшдаги аёллар ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, худди шу ёш тоифасидаги (40 ёшдан юқори) эркакларнинг ота бўлиш кўрсаткичи аёлларга нисбатан 5 баробарга кўп бўлиб, 47 140 нафарни (7,1 фоиз) ташкил этган.
Статистик маълумотларга кўра, мамлакатда туғилишларнинг энг катта қисми 25-39 ёшдаги ота-оналар гуруҳига тўғри келади. Ушбу ёш оралиғида 385 424 нафар аёл (58 фоиз) ва 542 512 нафар эркак (81,6 фоиз) фарзанд кўрган.
Ёш ота-оналар тоифасида эса аёллар устунлик қилмоқда: 25 ёшгача бўлган оналар сони 269 823 нафарни (40,6 фоиз) ташкил этган бўлса, шу ёшдаги оталар сони 74 946 нафардан (11,3 фоиз) ошмаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 9 ойи давомида 50 ёшдан юқори 1 046 та никоҳ рўйхатдан ўтганди. Шу даврда 50 ёшдан кейин 23 нафар аёл оналик бахтига эришган, эркаклар орасида эса 60 ёшдан кейин 462, 70 ёшдан кейин 39 нафар оталик мақомига эга бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас