Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2025/2026 ўқув йили бошига келиб Ўзбекистондаги мактаблар сони 11 118 тага етди. Таълим тизимидаги энг юқори ўсиш суръатлари нодавлат секторида кузатилмоқда — хусусий мактаблар сони бир йил ичида 21,1 фоизга кўпайиб, 551 тани ташкил этмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, мамлакатдаги мактабларнинг умумий сони сўнгги беш йил ичида изчил ўсиб бормоқда. Сўнгги бир йилнинг ўзида янги очилган муассасалар сони 175 тага ошган.
Мактаблар ва ўқувчилар сони бўйича Самарқанд вилояти республикада етакчилик қилмоқда. Энг кўп мактаблар Самарқанд (1 350 та), Қашқадарё (1 294 та) ва Фарғона (1 119 та) вилоятларига тўғри келади. Энг кам кўрсаткичлар эса Сирдарё (345 та) ва Навоий (387 та) вилоятларида қайд этилган.
Хусусий мактаблар сони бўйича Тошкент шаҳри (145 та) ва Фарғона вилояти (121 та) пешқадамлик қилмоқда.
Ўқитувчиларнинг умумий сони 577 700 нафарга етган бўлса-да, тизимда эркак ўқитувчилар улуши камайишда давом этмоқда. Бир йил ичида аёл ўқитувчилар сони 17 500 нафарга ошган бўлса, эркак ўқитувчилар сони 4 700 нафарга камайган. Ҳозирда ўқитувчиларнинг 72,5 фоизини аёллар ташкил этади. Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилиб, пойтахт мактабларида устозларнинг 85,9 фоизи аёллардир.
Республика бўйича ўқувчилар сони 6 миллион 870 минг 500 нафарни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 1,4 фоизга ўсган. Биринчи синфга қабул қилинганлар сони 725 300 нафарга етган бўлиб, бу 6,8 фоизлик ўсишни англатади.
Шу билан бирга, 2025 йилда 11-синф битирувчилари сони 452 500 нафарга етиб, 11,5 фоизга ошган бўлса, 9-синф битирувчилари сони 506 100 нафарни ташкил этиб, 2,7 фоизга камайган.
Эслатиб ўтамиз, 2025–2026-ўқув йили якунида мактаб битирувчилари учун белгиланган давлат аттестацияси жараёнида ўқувчиларнинг билим даражаси ҳам мажбурий, ҳам танлов фанлари доирасида синовдан ўтказилиши белгиланганди.

Изоҳлар мавжуд емас