Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан бошқариладиган давлат рақамларини кузатиш тизими интернетда ҳеч қандай паролсиз очиқ қолгани маълум бўлди. Киберхавфсизлик бўйича тадқиқотчи Anurag Sen Ўзбекистон бўйлаб ўрнатилган юзлаб юқори аниқликдаги (4K) камералар тармоғи интернетга очиқ ҳолатда уланиб қолганини аниқлаган.
Тизимда махфийлик таъминланмагани сабабли, исталган шахс базадаги миллионлаб фотосуратлар, видеоёзувлар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тарихи билан танишиши мумкин бўлган. Базадаги маълумотлар тизим 2024 йил сентябрь ойида созланганини ва 2025 йил ўрталаридан бошлаб фаол кузатувни бошлаганини кўрсатмоқда.
Тизим Хитойнинг "Maxvision" компанияси томонидан ишлаб чиқилган "интеллектуал йўл ҳаракатини бошқариш тизими"га асосланган. Камералар нафақат йўл ҳаракати қоидабузарликларини (қизил чироқ, хавфсизлик камари, рухсатсиз ҳаракатланиш) қайд этади, балки автомобилнинг ичидаги йўловчиларни ҳам юқори сифатда суратга олади. Маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, кузатув мосламалари Тошкент, Жиззах, Қарши, Наманган каби йирик шаҳарларда, шунингдек, Тожикистон билан чегарадош ҳудудлардаги муҳим транспорт йўлларида жойлашган.
"TechCrunch" нашри ушбу хавфсизлик қўпол камчилиги бўйича Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментига, мамлакатнинг Вашингтон ва Нью-Йоркдаги ваколатхоналарига ҳамда UZCERT (Компьютер ҳодисаларига қарши курашиш маркази)га сўров юборган. Бироқ, ҳозиргача Ўзбекистон расмий идораларидан аниқ муносабат билдирилмаган, UZCERT эса фақат хат қабул қилингани ҳақида автоматик жавоб қайтарган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай тизимларнинг очиқ қолиши миллионлаб фуқароларнинг шахсий ҳаёти ва ҳаракатланиш хавфсизлигига таҳдид солади. Хусусан, тизим орқали муайян автомобиль қачон ва қаерда бўлганини ойлаб кузатиш имкони мавжудлиги аниқланган.

Изоҳлар мавжуд емас