Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россия олий таълим муассасаси маъмуриятининг миграция ҳисобига қўйиш муддатларини узайтириш масаласидаги хатоси туфайли унда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар мамлакатдан чиқариб юборилиши ва катта миқдорда жаримага тортилиши мумкин эди. Омбудсман ишни назоратга олиб, муддатни узайтиришга эришди.
"Дунё" хабарига кўра, вазият инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Феруза Эшматованинг Россияга ташрифи чоғида маълум бўлган. "Олий иқтисодиёт мактаби" миллий тадқиқот университетида таҳсил олаётган 31 нафар ўзбекистонлик талабанинг мурожаатлари сайёр қабул давомида тушган.
Маълум бўлишича, ОТМ маъмурияти талабаларни миграция ҳисобига қўйиш муддатлари узайтирилгани ҳақида ваколатли органларни ўз вақтида хабардор қилмаган. Натижада талабалар Россия ҳудудида 90 кундан ортиқ бўлгани сабабли миграция қоидаларини бузган деб ҳисобланган. Талабаларнинг сўзларига кўра, уларга 40 минг рубль миқдорида маъмурий жарима солиш хавфи бўлган.
Текширув натижаларига кўра, хорижлик талабаларнинг мамлакатда вақтинча бўлиш муддатини узайтиришга қарор қилинди. Бундан ташқари, истисно тариқасида ҳудудий ички ишлар органларига уларга нисбатан жарима ёки Россиядан ташқарига маъмурий чиқариб юбориш кўринишидаги маъмурий чораларни қўлламаслик буюрилган.
Бундан ташқари, нафақат ўзбекистонлик талабалар, балки Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Молдова ва Беларусдан Россияда таҳсил олаётган 200 дан ортиқ талабаларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилган.
Эслатиб ўтамизки, Россия 2025 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистондан 5 863 нафар талабани ўқишга қабул қилган.

Изоҳлар мавжуд емас