Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Янгиободдаги собиқ уран конлари атрофида рекультивация ишлари якунлангач, экотуризм ва аҳолининг дам олиши учун шароит яратилади.
Ҳудуд кўкаламзорлаштирилади, у ерда пиёдалар йўлаклари ётқизилади, эҳтимолий экологик қоидабузарликларни қайд этувчи онлайн видеокамералар ўрнатилади. Атрофдаги майдонлар ҳам ободонлаштирилади. Бу билан рекультивация натижалари сақлаб қолиниб, Янгиобод ҳудуди аҳоли ва сайёҳлар учун хавфсиз, обод ва жозибадор масканга айланади.
Бу ҳақда Экология вазири Азиз Абдуҳакимов Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ядро хавфсизлиги департаменти директори ўринбосари, Экологик реабилитация ҳисоби раҳбари Эстер Харландернинг ташрифи чоғида маълум қилди. У ЕТТБ кўмагида амалга оширилган собиқ уран конлари объектларини рекультивация қилиш лойиҳаси доирасида бажарилган ишлар натижалари билан танишди.
Эслатиб ўтамизки, Янгиободдаги ҳудудни рекультивация қилиш 2023 йил март ойида бошланган ва жорий йилнинг август ойида якунланган. Иш бошланишидан олдин маҳаллий аҳоли ва тегишли ташкилотлар билан маслаҳатлашувлар олиб борилди, уларнинг таклифлари рекультивация жараёнида инобатга олинди.
Собиқ уран конларини рекультивация қилиш лойиҳасини бошқариш гуруҳи раҳбари Вадим Королёвнинг сўзларига кўра, бу ерда геодезик суратга олиш ишлари олиб борилган, кириш йўллари қурилган, эски иншоотлар демонтаж қилинган ва ифлосланган чиқиндиларни утилизация қилиш учун полигон яратилган. Бундан ташқари, шахта сувларини дренажлаш ва инфильтрация қилиш тизимлари ўрнатилди, қирғоқлар мустаҳкамланди ва сувни олиб кетиш учун қувурлар ётқизилди. Меҳнатни муҳофаза қилиш, техника ва радиация хавфсизлиги нормаларига риоя қилишга алоҳида эътибор берилди.
Чиқиндиларни бошқариш агентлиги директори Шарифбек Ҳасановнинг қайд этишича, радиация даражаси паст бўлган ҳудудлар табиатга қайтарилмоқда. Бундан ташқари, ҳозирда ушбу участкаларда маҳаллий аҳоли билан тушунтириш-маърифий ишлар олиб борилмоқда.
Собиқ уран конларини рекультивация қилиш ионлаштирувчи нурланишни бартараф этади, шунингдек, хавфсиз экологик муҳит яратишга ва аҳоли саломатлигини яхшилашга ёрдам беради.
Изоҳлар мавжуд емас