Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган 3 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини юртига қайтариш масаласи халқаро ҳуқуқий тўсиқлар туфайли кечикмоқда. Россиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькованинг маълум қилишича, маҳкумларни топшириш жараёни Ўзбекистон томони тегишли халқаро конвенцияни ҳали ратификация қилмагани сабабли амалга ошмаяпти.
Гап 1998 йилда қабул қилинган маҳкумларни жазонинг қолган қисмини ўташ учун ўз юртига кўчириш тўғрисидаги халқаро шартнома ҳақида кетмоқда. Мазкур ҳужжат маҳкумларга жазо муддатини ўз фуқаролиги бўлган мамлакатда давом эттириш имконини беради. Россия томони маҳкумларни Ўзбекистонга топширишга тайёрлигини билдирган бўлса-да, амалдаги ҳуқуқий базанинг етишмаслиги бу жараённи тўхтатиб турибди.
Ҳозирги кунда ушбу халқаро шартнома Россиядан ташқари Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Арманистон каби давлатларда амал қилмоқда. Мазкур мамлакатлар фуқаролари аллақачон жазони ўз юртида ўташ имкониятидан фойдаланмоқдалар. Ўзбекистоннинг ушбу конвенцияга қўшилиши Россиядаги 3 минг нафардан зиёд ватандошимизнинг тақдирини ҳал қилишда асосий омил бўлиши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас