Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистонлик тадбиркор, TM Barber бренди асосчиси Таир Марассулов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага видеомурожаат йўллаб, Тошкентда унга тегишли бизнес рейдерлик йўли билан эгаллаб олинганини маълум қилди.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, унинг TM Barber бренди Қозоғистонда 2012 йилда яратилган ва рўйхатдан ўтган. 2022 йилда у Ўзбекистон бозорига кириб, пойтахтда сартарошхоналар тармоғини очди. Лойиҳа фаол ривожланиб, йигирматагача филиал очиш, янги иш ўринлари яратиш ва ёш мутахассисларни тайёрлаш режалаштирилган эди.
Марассуловнинг айтишича, "рейдерлик ҳужуми"ни илгари энергетика вазири ўринбосари - "Ўзтрансгаз" АЖ раҳбари, ҳозирда эса Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазири маслаҳатчиси лавозимида ишлаган Беҳзод Норматов уюштирган. Тадбиркор видеомурожаатга амалдор билан ёзишмаларнинг скриншотлари ва суҳбатларнинг аудиоёзувларини қўшган.
"Ўзбекистонга хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшиш, янги иш ўринлари яратиш, ёшларнинг касб эгаллашига кўмаклашиш мақсадида келдим. Бироқ, афсуски, ўта адолатсизликка ва бизнесимни рейдерлик йўли билан эгаллаб олишга уринишга дуч келдим", — деди Марассулов.
Унинг сўзларига кўра, филиал муваффақиятли ишга туширилгандан сўнг, собиқ шериклари бренд, ускуналар ва биноларни ноқонуний тарзда ўзлаштиришга уринишган. Шунингдек, улар худди шу номда юридик шахсни рўйхатдан ўтказиб, ҳақиқий ҳуқуқ эгасининг розилигисиз TМ Barber бренди остида фаолиятни давом эттиришган.
"Масалани тинч йўл билан ҳал қилишга уринганим натижа бермади. Бугунги кунда мен ўзимнинг объектларим ва брендимдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрумман. Шу билан бирга, маҳаллий органлар хорижий инвесторнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича самарали чоралар кўрмаяпти", – дея таъкидлади тадбиркор.
Марассуловнинг таъкидлашича, унинг компанияси Қозоғистонда расман рўйхатдан ўтган ва фаолият юритмоқда. ТМ Barber бренди эса патент билан ҳимояланган. Товар белгиси, логотип ва корпоратив услубга бўлган барча ҳуқуқлар унга тегишли.
"Мен шахсан Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага мурожаат қилиб, ушбу вазиятга эътибор қаратишларини сўрайман. Ишончим комилки, мамлакат раҳбарияти инвесторларни ҳимоя қилиш ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда инвестиция муҳитига путур етказадиган рейдерликка қарши курашишдан манфаатдор", – дейилади мурожаатда.
Унинг сўзларига кўра, тегишли аризалар аллақачон Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига юборилган. Бироқ, унинг фикрича, тергов "асоссиз равишда чўзилмоқда".
"Ишонаманки, адолат қарор топади ва айбдорлар жавобгарликка тортилади. Ўзбекистон – улкан салоҳиятга эга меҳмондўст мамлакат. Мен бу ерга ўзбошимчалик ва коррупция туфайли эмас, балки инвесторлар келишини истайман", – дея хулоса қилди Марассулов.
Изоҳлар мавжуд емас