Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрида жиноятларни жиловлашда сусткашликка йўл қўйгани ва тизимли муаммоларни ҳал этмагани учун шаҳар ИИББ бошлиғи Рашан Султонхўжаев ҳамда шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Ўрмоновга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди.
Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселекторатда давлат раҳбари пойтахт ҳуқуқ-тартибот тизимида жиддий камчиликлар мавжудлигини каттик танқид қилди. Хусусан, терговчи ва суриштирувчиларнинг малакаси етишмаслиги оқибатида ўтган йили 833 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилмай, ҳисобдан яширилган. Шаҳарда жиноятчилик камайгани ҳақидаги ҳисоботларга қарамай, 26 та маҳалла ҳали ҳам "қизил" ва 465 таси "сариқ" тоифада қолмоқда.
Шу сабабли, Равшан Султонхўжаев ва Анвар Ўрмоновга олти ойлик синов муддати тайинланган. Агар вазият ижобий томонга ўзгармаса, лавозимга лойиқлик масаласи қайта кўриб чиқилади.
Тошкентнинг айрим туманлари республика миқёсида энг юқори жиноятчилик кўрсаткичларини қайд этган.
Хусусан, Чилонзор тумани оилавий зўравонлик, талончилик ва безорилик бўйича республикада 1-ўринда.
Юнусобод тумани эса босқинчилик ҳолатлари бўйича энг юқори кўрсаткичда.
Яшнобод ва Миробод туманларида қотиллик жиноятлари энг кўп содир этилган.
Олмазор тумани қасддан тан жароҳати етказиш ҳолатлари бўйича етакчи.
Шайхонтоҳур тумани эса талончилик жиноятлари энг кўп қайд этилган.
Юқоридаги бешта туман ИИБ бошлиқларининг барчаси янгиланган. Янги раҳбарлар олдига жиноятчиликни жиловлаш бўйича кескин ўзгаришлар қилиш талаби қўйилган.
Шаҳар раҳбарларининг фақат "микроавтобусда айланиш" билан бандлиги, туман ҳокимлари ва "маҳалла еттилиги" билан ҳамжиҳатликда ишламаётгани қаттиқ танқид остига олинган.
Таъкидланишича, агар масъуллар жамоатчилик билан биргаликда ишласа, пойтахтда йилига 7,5 мингта жиноятнинг олдини олиш имкони мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, бир қатор оммавий ахборот воситалари куни кеча Ўзбекистон ички ишлар вазирининг икки собиқ ўринбосари - Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов ҳибсга олингани ҳақида маълумот эълон қилганди. Улар ҳам бир қатор хатоларга йўл кўйган эди.

Изоҳлар мавжуд емас