Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, имконияти чекланган бўлишига қарамай, бировга муҳтож бўлмаслик учун 200 та болалар кийими тиккан аёл маҳаллий ҳокимият ва Ижтимоий хизмат маркази ходимлари томонидан ҳақоратланганини ҳамда меҳнати камситилганини маълум қилди.
Аёл ўз келажагини яратиш ва кекса онасини боқиш мақсадида тикувчилик билан шуғулланиб келмоқда. У ўз маҳсулотларини сотишда ёрдам сўраб мутасадди ташкилотларга борган, бироқ масъулларнинг бири унинг меҳнати устидан кулиб, "Буни 10 минг сўмга ҳам ҳеч ким олмайди" деб жавоб берган.
Аёл катта заҳмат билан тиккан 200 та кийимчани сотиш учун бозор ёки бошқа савдо майдончасига чиқиш имкониятига эга эмас.
Шу билан бирга, Ижтимоий хизмат маркази ва ҳокимият вакиллари "Инсон қадри" тамойилига зид равишда, ёрдам сўраб келган фуқарога нисбатан қўполлик қилган.
Аёл Президент ва бошқа юқори идораларга қилган мурожаатлари қуйи бўғиндаги "тўсиқлар" туфайли ечим топмаётганини таъкидламоқда.
Ижтимоий тармоқ кузатувчилари ва фаоллар ушбу ҳолат юзасидан юқори турувчи масъуллардан аёлнинг маҳсулотларини реализация қилиш (сотиш) учун амалий ёрдам бериш, фуқарони камситган ва унинг меҳнатини ерга урган ходимларга нисбатан қатъий интизомий чора кўришни талаб қилмоқда.
Имконияти чекланган шахснинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун имтиёзли қўллаб-қувватлов тизимини ишга солишни ҳам сўрашмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг марказида эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш туради. Маҳаллий амалдорларнинг бу каби ҳаракатлари нафақат давлат сиёсатига, балки инсонийлик мезонларига ҳам мутлақо зиддир.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда имконияти чекланган кишилар ўқитилиши ва иш билан таъминланиши белгиланганди.

Изоҳлар мавжуд емас