Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Москва - Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган ўзбекистонликлар бўлган автобус Қозоғистоннинг Актау шаҳрида ЙТҲга учради. ЙТҲ содир бўлган вақтда транспорт воситасида республикамизнинг 54 нафар фуқароси бўлган. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Ўзбекистоннинг Актау шаҳридаги бош консулхонасидан маълум қилишларича, йўл-транспорт ҳодисаси 30 ноябрь куни соат 21:00 атрофида Россия - Актобе - Қизилўрда - Олмаота республика аҳамиятидаги автомобиль йўлида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲ оқибатида йўловчилардан ҳеч ким оғир тан жароҳати олмаган ва вафот этмаган. Ҳозирда улар фавқулодда вазиятлар ва полиция ходимлари томонидан Актобе вилояти Айтекеби тумани Қорабутак қишлоғидаги масжидга жойлаштирилган.
Ўзбекистон фуқароларига зарур ёрдам кўрсатилмоқда, улар озиқ-овқат билан таъминланмоқда. Айни пайтда йўловчиларни бошқа транспорт воситасида Ўзбекистонга ташкилий равишда жўнатиш чоралари кўрилмоқда. Вазият дипломатларнинг доимий назорати остига олинган, Қозоғистон ваколатли органлари билан доимий алоқа ўрнатилган.
Ноябрь ойида қозоғистонлик қутқарувчилар 36 нафар Ўзбекистон фуқаросини совуқда қолган автобусдан эвакуация қилишди. Улар орасида 13 нафар бола ҳам бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас