Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари Андижон вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида қарийб 8 килограмм олтинни қўшни давлатга ноқонуний олиб ўтишга бўлган уринишнинг олдини олди.
Хўжаобод туманидаги "Дўстлик" чегара божхона пости яқинида Фарғона вилоятида яшовчи, 31 ёшли фуқаро тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг ёнидаги хўжалик қопидан автомобиль эҳтиёт қисмлари топилган. Ушбу деталлар махсус воситалар ёрдамида очилганда, улар ичига яширилган жами 7 кг 784 грамм олтин бўлаклари борлиги аниқланган.
Мутахассислар хулосасига кўра, мусодара қилинган олтиннинг умумий баҳоси 12 миллиард 465 миллион 795 минг сўмни ташкил этади..
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25- (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга қасд қилиш) ҳамда 182-моддаси 2-қисми (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда, ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу олтин қуймаларининг ҳақиқий эгаларини аниқлаш устида иш олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида ўтказилган тезкор тадбир чоғида оғирлиги 475 грамм бўлган олтин қуймаларни 737 миллион сўмга сотишга уринган шахслар қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас