Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилоятининг Балиқчи туманида Зил-130 юк машинаси пиёдалар ўтиш жойидан югуриб ўтаётган 2017 йилда туғилган болани уриб юборди. Олган тан жароҳатлари оқибатида вояга етмаган пиёда кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, шифохонада ҳаётдан кўз юмган.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ маълумотларига кўра, мудҳиш ҳодиса жорий йилнинг 24 февраль куни соат 15:56 атрофида "Эски Марказ" МФЙ ҳудудидаги тартибга солинган чорраҳада юз берган. 24 ёшли ҳайдовчи юк машинасини бошқариб келаётиб, йўлга тўсатдан югуриб чиққан мактаб ўқувчисини уриб юборган. Тўқнашувдан сўнг ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, чорраҳада тўхтаб турган Cobalt автомашинасига бориб урилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Балиқчи тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ҳам юк машинаси ғилдираклари остида пиёда ҳалок бўлганди. Howo юк машинаси ҳайдовчиси 56 ёшли пиёдани уриб юборган эди.

Изоҳлар мавжуд емас