Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги бозорлардан бирининг раҳбари тадбиркорга дўкон олиб бериш ва ҳужжатларини расмийлаштириш эвазига ноқонуний пул маблағини олаётган вақтида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланди. Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахснинг жиноий фаолиятига чек қўйилган.
Тергов олди маълумотларига кўра, бозор раҳбари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқарога бозор ҳудудида жойлашган, бироқ тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган савдо дўконини сотишни ваъда қилган. У ушбу дўконни кейинчалик тадбиркор номига расмийлаштириб бериш "хизмати" учун 80 миллион сўм талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида мансабдор шахс сўралган маблағнинг 6600 доллар миқдоридаги қисмини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси Тошкент шаҳрида хизмат кўрсатувчи компания раҳбаридан 1500 доллар миқдорида пора олаётган вақтида қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас