Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида 8 ва 6 ёшли ака-укалар сув тақсимлаш тармоғига тушиб кетиши оқибатида вафот этди.
Маълумотни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати тасдиқлади.
Мудҳиш воқеа 19 март куни кечки соат 20:00 атрофида "Булоқбоши" маҳалласида содир бўлган. Аниқланишича, 6 ёшли Саиджон сув омбори қирғоғида ўйнаб ўтириб, ўйинчоғини сувга тушириб юборган. Уни олишга уринган бола мувозанатни йўқотиб, сувга тушиб кетган ва чўка бошлаган. Шунда унинг 8 ёшли акаси Санжарбек укасини қутқариш мақсадида ўзини сувга отган, бироқ ҳар икки бола ҳам қирғоққа чиқа олмаган.
Болалар уйга қайтмагач, уларни қидириб чиққан отаси фарзандларини каналдан топган. Жасадлар ФВВ қутқарув хизмати ходимлари томонидан сувдан олиб чиқилган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, ўлимга нафас йўлларининг сув билан тўсилиши натижасида юзага келган механик асфиксия сабаб бўлган. Марҳумларнинг танасида зўравонлик аломатлари ёки тан жароҳатлари аниқланмаган.
Ҳозирда Бешариқ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жараён вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.
Бундан олдин Жиззах вилоятидаги хусусий боғчада бир ярим ёшли қизалоқ чўкиб кетганди. Болаларни тушликка олиб чиқишмоқчи бўлган, тарбиячи болани қисқа вақтга кўздан йўқотган, кейинроқ уни муассаса ҳудудидаги бассейнда топган.

Изоҳлар мавжуд емас