Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятида "Бионур" табобат маркази эгаси ва машҳур табиб сифатида танилган Иқбол Солиев фаолиятида жиддий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. У халқ табобати гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганига, суд томонидан жаримага тортилганига қарамай, марказ ўз ишини давом эттираверган.
Ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг Иқбол Солиев фаолияти юзасидан норозилик ва мурожаатлари тарқалгач, унинг фаолияти қонунийлиги ўрганилган.
Солиев "Халқ табобати" фаолият тури бўйича 2020 йил 5 августда солиқ органларида рўйхатдан ўтган. Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси томонидан берилган гувоҳноманинг амал қилиш муддати эса 2024 йил 21 декабрда тугаган.
Шунга қарамай, Солиев фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш бўйича хизмат кўрсатишда давом этган.
Табибга нисбатан расмийлаштирилган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судига юборилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-5-моддаси 1-қисми (халқ табобати соҳасида фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан тиббий хизмат кўрсатиш ва оммавий тарғиб қилиш) бўйича айбли деб топилган ва унга нисбатан 7 500 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Бундан ташқари, ички ишлар органлари ходимлари томонидан расмий огоҳлантириш эълон қилинган.
Шу муносабат билан 27 ноябрь куни унга нисбатан МЖтКнинг 59-5-моддаси 3-қисми бўйича материаллар қайта расмийлаштирилиб, судга юборилган.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда февраль ойида яна бир мўъжизавий табиб ҳақидаги видео тарқалганди. Табиб ўз сеансида беморнинг боши ва томоғига пичоқ тираб, касалликни "даволар эди".

Изоҳлар мавжуд емас