Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йил бошидан буён Ўзбекистон йўлларида мопед ва скутерлар иштирокида 300 дан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бундай бахтсиз ҳодисалар оқибатида 53 киши ҳалок бўлган, яна 259 киши жароҳат олган.
Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати раҳбари Зоир Йўлдошев маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, кўплаб бахтсиз ҳодисалар автомобиль эгаларининг йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги ёки транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишни умуман хоҳламаслиги туфайли содир бўлади.
Вазиятни 1 октябрдан кучга кирадиган янги қоидалар ўзгартириши керак. Эндиликда скутер ва мопедларни фақат "А" тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлганда ва улар мажбурий рўйхатдан ўтказилгандан сўнг бошқариш мумкин бўлади. Янгиликлар двигатель ҳажми 25 дан 50 куб сантиметргача бўлган транспорт воситалари ва 0,25-4 киловатт қувватга эга электроскутерларга тегишли.
Аввалроқ биргина Тошкент шаҳрида саккиз ойда 4,3 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Ўшанда авариялар сони бўйича Юнусобод тумани етакчи бўлган, у ерда 561 та ҳолат қайд этилган. Иккинчи ўринда Чилонзор тумани - 555 та, учинчи ўринда Яшнобод тумани - 554 та.
Изоҳлар мавжуд емас