Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги Хабаровскда содир бўлган ҳолатни назоратга олган ва марҳумнинг жасадини Ватанга қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Россиянинг Хабаровск шаҳрида ОМОН ходимлари томонидан калтакланган икки нафар ўзбекистонликдан бири шифохонада вафот этган, иккинчиси эса оғир аҳволда қолмоқда.
Воқеа 12 декабрь куни содир бўлган. Россия кучишлатар тизим вакиллари маҳаллий кафелардан бирида ўтказилган рейд давомида у ердаги ўзбекистонликларни аёвсиз калтаклаган.
Оқибатда икки фуқаро бошидан оғир жароҳат олиб, кома ҳолатига тушган, шунингдек, уларнинг қўл ва оёқлари синдирилган. Комага тушганлардан бири бир неча кун ўтиб вафот этган.
Айтилишича, ҳозирги вақтда марҳумнинг жасади ҳали Ўзбекистонга қайтарилмаган. Иккинчи жабрланувчи эса ўта оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳолат бўйича расмий баёнот бериб, вазият тўлиқ назоратга олинганини маълум қилди.
Бу ҳолат бўйича Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси томонидан Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ҳудудий ваколатхонаси, прокуратура ва тергов бошқармасига расмий ноталар юборилган. Бош консулхона ҳолатни ҳар томонлама холисона ва қонуний тартибда ўрганишни талаб қилмоқда. Ҳозирда дипломатлар марҳумнинг яқинлари билан алоқа ўрнатиб, зарурий консуллик ва амалий ёрдам кўрсатишни бошлаган.
Таъкидлаш жоизки, Россиядаги меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ фожиали ҳолатлар аввал ҳам кузатилган. Яқинда Санкт-Петербургда метро қурилишида яна бир ватандошимиз бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас