Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Таниқли хонанда Сардор Мамадалиев иштирокида ижтимоий тармоқларда тарқалган видео лавҳа Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ўрганилди. Видеода санъаткор автомобилни хавфсизлик камарини тақмасдан бошқариб бораётгани акс этган.
Хонанда билан ўтказилган суҳбат давомида у ушбу ҳолатни ўша вақтдаги руҳий ҳолати ва чалғиш билан изоҳлаган.
"Ўша видеони кўрган бўлсангиз, Шерали Жўраев қўшиғини айтиб, судларга кириб-чиқиб юрган пайтимизда озгина асабийлашиб, камар тақиш эсимдан чиқиб қолибди. Аслида доим камар тақиб юраман ва қонунларни ҳурмат қиламан," — деган Сардор Мамадалиев.
Аввалроқ хонанда Сардор Мамадалиев ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган видеомурожаатида марҳум устоз санъаткор Шерали Жўраевнинг асарларини ижро этгани сабабли Адлия вазирлиги томонидан судга берилганини маълум қилганди. Хонанданинг таъкидлашича, ушбу даъво нафақат унга, балки яна 20 нафар ижодкорга нисбатан ҳам илгари сурилган. Бу қонунбузарлик айнан ўша видеомурожаатда содир этилган.
Ижтимоий тармоқлардаги "машҳур инсонларга чора кўрилмайди" деган қарашларга жавобан, ЙҲХХ вакиллари санъаткорга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилганини маълум қилишган.
Унга нисбатан, йўл ҳаракати қоидаларининг 9-бандига амал қилмаслик бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Сардор Мамадалиев жавобгарликка тортилганидан хафа эмаслигини, аксинча, бу ҳолат бошқалар учун ўрнак бўлишини ва қонунни ҳурмат қиладиганлар кўпайишига хизмат қилишини таъкидлаган.

Изоҳлар мавжуд емас