Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши ўтказилган кенг кўламли "Хавфсиз ва соғлом юрт" тадбирлари доирасида, Самарқандда қарийб 37,5 килограмм "экстракцион опий" мусодара қилинган. Гиёҳванд моддалар мамлакатга қурилишда фойдаланиладиган мармар тошлар орасига яширилган ҳолда олиб кирилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 4 нафар шахс қўлга олинган.
Улардан 1 нафари 1992 йилда туғилган хорижий давлат фуқароси, қолганлар эса 1981 ва 1995 йилларда туғилган, Самарқанд вилоятида яшовчи 3 нафар Ўзбекистон фуқароси.
Аниқланишича, жиноий гуруҳ қурилиш материаллари — мармар тошлар орасига гиёҳвандлик воситаларини яширган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига олиб кирган ва ушбу "ажал оғуси"ни мамлакат ичкарисида сотиш билан шуғулланишган.
Тезкор тадбир давомида жами 37 кг 421 г оғирликдаги "экстракцион опий" гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда қўлга олинган шахсларга нисбатан Жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас