Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилоятида 24 ёшли эркак маст ҳолда нотаниш фуқаролар билан жанжаллашиб, уларга пичоқ билан ҳужум қилган. Улардан бири вафот этди.
Воқеа тафсилотларини Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов мухбиримизга сўзлаб берди.
Маълум қилинишича, фожиа 16 декабрь куни соат 01:30 ларда Марҳамат тумани "Қовунчи" маҳалласида содир бўлган.
Жанжал авж олган пайтда 24 ёшли маҳаллий фуқаро эркаклардан бирининг ўнг кўкрак соҳасига пичоқ билан зарба бериб, унинг ҳаётига зомин бўлган.
Шундан сўнг, иштирокчи яна бир эркакнинг қорин соҳасига пичоқ билан зарба берган, бироқ атрофдаги фуқароларнинг аралашуви туфайли ўз ҳаракатларини охиригача етказа олмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) ва 25-моддаси 2-қисми "а" банди (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. У қамоққа олинди.
Аввалроқ Навоий вилоятида эркак юк машинасида собиқ турмуш ўртоғи ва унинг ота-онасини қасддан босиб кетиб, уларга пичоқ билан бир неча марта зарба берганди. Учаласи ҳам ҳалок бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас