Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова вазирлик масъуллари билан бирга Тошкент вилоятига ташриф буюрди. Бу ерда Қуйичирчиқ, Оққўрғон, Пискент ва Бўка туманларидаги болалар боғчалари тарбияланувчилари орасида юз берган оммавий заҳарланиш ҳолати юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда Қуйи Чирчиқ туманида 12 нафар, Оққўрғон туманида 97 нафар бола шифокорлар назоратида қолмоқда. Уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Пискент ва Бўка туманларида шифокорлар мактабгача ёшдаги болаларни профилактик кўрикдан ўтказмоқда.
"Болалар соғлиғига жиддий хавф туғдирадиган ҳолатлар ҳозирча аниқланмади", - дейилади хабарда.
Тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг шифохонага ётқизилган ва уйига жавоб берилган болалар сони қанча эканига ҳозирча аниқлик киритилмаган. Ҳолат ММТВ ва тегишли ташкилотлар томонидан назоратга олиниб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти Пискент туманидаги бир нечта болалар боғчасида болалар овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган эди. Кейинроқ Тошкент вилоятининг Пискент ва Бўка туманларидаги боғчаларда содир бўлган оммавий заҳарланишга сут маҳсулотлари сабаб бўлиши мумкинлиги маълум бўлди. Уларнинг намуналари ва беморларнинг таҳлиллари лаборатория текширувларига йўналтирилган.
Изоҳлар мавжуд емас