Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида мактаб ўқитувчиси вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда айбланиб, қамоққа олинди. Мазкур ҳолат Болалар омбудсмани ва вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан назоратга олинган.
Жорий йилнинг 28 март куни Янгиқўрғон туманида яшовчи фуқаро туман ИИБга мурожаат қилиб, 8-умумтаълим мактабининг 6-синфида таҳсил олувчи 13 ёшли вояга етмаган фарзандига нисбатан 53 ёшли мактаб ўқитувчиси жинсий зўравонлик содир этганини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янгиқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ҳар томонлама ва холис тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Болалар омбудсмани ўз ваколати доирасида жабрланувчи боланинг процессуал ҳуқуқлари таъминланишини кузатиб бормоқда. Тергов якунлари бўйича қўшимча маълумот берилиши маълум қилинган.
Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёев вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарликни кучайтириш ташаббусини қўллаб-қувватлаганди.

Изоҳлар мавжуд емас