Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Тошкент, Самарқанд ҳамда Гулистон шаҳарларида фаолият юритувчи уч нафар адвокатнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйилди. Улар фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш йўли билан фуқаролардан пул талаб қилиб, жиноят ишларини ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Пойтахтда адвокатлар ҳайъатида фаолият юритувчи, муқаддам судланган адвокат Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими юритувидаги жиноят иши бўйича айбланувчига "ёрдам" таклиф қилган. У Жиноят кодексининг 131- ва 135-моддалари билан айбланаётган шахсдан 135-моддани (одам савдоси) айбловдан чиқариб ташлаш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиш эвазига 10 000 доллар талаб қилган. Адвокат сўралган пулнинг ярмини, яъни 5 000 долларни олаётган вақтида қўлга олинган.
Самарқанддаги адвокатлик фирмаси адвокати эса жиноят ишлари бўйича шаҳар судида кўрилаётган Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш) бўйича айбланувчига енгиллик ваъда қилган. У "юқори лавозимдаги танишлари" орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиб бериш эвазига 4 000 долларни олган вақтида ушланган.
Сирдарё вилоятида ҳам адвокатлик бюроси адвокати МЧЖ раҳбарининг ишончига кирган. У тадбиркорга 450 миллион сўмлик дори воситалари учун пул тўламай юрган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатиб беришни ваъда қилиб, эвазига 1 500 доллар сўраган. Мазкур адвокат ҳам кимёвий ишлов берилган пулларни олаётганда тезкор ходимлар томонидан қўлга тушган.
Ҳозирда ушбу уч нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-модда 3-қисми "в" банди (Фирибгарлик), 28, 211-моддаси 1-қисми (Пора беришда иштирокчилик/пора беришга далолат қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сирдарё туманида ҳам гумонланувчининг ишини судда ижобий ҳал этиш эвазига 5,5 минг доллар миқдорида пул талаб қилган адвокат ҳам қўлга олинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас