Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва божхона идоралари ҳамкорлигида Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда пойтахтлик фуқаронинг уйидан кўп миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланган. Энг ачинарлиси, бу дорилар ноқонуний савдо учун атайлаб "биологик фаол қўшимча" идишларига қадоқланган.
Тошкент шаҳри, Учтепа туманида бўлиб ўтган тезкор тадбирда 1970 йилда туғилган пойтахтлик шахснинг яшаш хонадонида 1835 дона "Регапен" кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, мусодара қилинган.

Таҳлиллар "Регапен" таркибида кўп миқдорда прегабалин кучли таъсир қилувчи моддаси мавжудлигини тасдиқлаган. Жиноятчи ушбу психотроп дори воситаларини биологик фаол қўшимчалар идишларига қадоқлаб, келгусида уларни яширин тарзда дорихоналарда сотишни мақсад қилган.
Мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 251¹-моддаси 5-қисми (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Унга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижонда ҳам Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган кучли таъсир қилувчи "Регапен" дори воситаларининг катта партияси мусодара қилинганди. Аварияга учраган Changan электромобилини текшириш чоғида 5 мингдан ортиқ таблетка топилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас