Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 41-мактаб 9-синф ўқувчилари ўртасида жанжал чиққанини акс эттирувчи видео тарқалди. Видеодаги ҳолат жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, воқеа туман ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўрганилган.
Аниқланишича, 13 октябрь куни 9-"А" ва 9-"Б" синф ўқувчилари телефон орқали баҳслашиб, ўзаро жанжаллашиб қолган. Эртаси куни, яъни 14 октябрь куни олтинчи дарсдан сўнг соат 14:20 ларда Қоратепа маҳалласидаги Сарбозор кўчасида улар ўзаро муштлашган. Ҳодиса жойида қизлар билан бир қаторда йигит синфдошлари ҳам бўлган ва жанжалга аралашган
Ҳодисадан сўнг ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказилган. Воқеага аралашган 12 нафар ўқувчининг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси — “Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик” бўйича баённома расмийлаштирилган.
Қонунга кўра, мазкур ҳолат учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан (412 минг сўм) 5 бараваригача (2 млн 60 минг сўм) миқдорда жарима белгиланган.

Изоҳлар мавжуд емас