Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда "Навоий" чегара божхона пости орқали Ўзбекистонга олиб кирилаётган йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди.
Қозоғистон орқали кириб келган, Бухоро шаҳрида яшовчи 24 ёшли фуқаро бошқарувидаги "Лада Ларгус" автомобили кўздан кечирилганда, машина юкхонасидаги "Газель" узатмалар қутиси (коробка передач) ичига яширилган 2 кг 300 грамм "Мефедрон" моддаси топилган.
Аниқланишича, "Ўзбекистон – Россия" йўналишида киракашлик қилувчи ҳайдовчи ушбу автоэҳтиёт қисмни Тошкент вилоятида кутиб турган шахсга етказиши керак бўлган.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, юкни қабул қилиб олаётган вақтида асли қашқадарёлик бўлган 25 ёшли яна бир шахс қўлга олинган.
Ҳозирда иккала шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчилар ҳибсга олинган, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Бундан олдин ҳам Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 111 килограмм гиёҳвандлик воситалари контрабандасига чек қўйилганди.

Изоҳлар мавжуд емас