Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятида болалар боғчаларида болаларни оммавий заҳарланиш иши бўйича етти киши қўлга олинди. Улар орасида сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниянинг уч нафар ходими ва озиқ-овқат таъминоти билан шуғулланувчи аутсорсинг ташкилотларининг тўрт нафар вакили бор.
Бу ҳақда Batafsil.uz мухбирига Президент Администрациясидаги манба маълум қилди.
Ҳибсга олиш процессуал тартибда амалга оширилди.
Аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков 27 сентябрь куни эрталаб шифохоналарда 694 нафар бола қолгани, бугун эса 421 нафарини чиқариб юбориш режалаштирилганини айтганди.
Беморлар билан мулоқотда бўлганларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда жами 1922 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 959 нафарида касаллик аломатлари аниқланмаган, шу сабабли уйларига жавоб берилган.
Дастлабки тергов маълумотларига кўра, заҳарланишга Shark Milk Product томонидан ишлаб чиқарилган "кефир" сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳолат юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги "Адолат" социал-демократик партияси фракцияси Бош прокуратурага депутатлик сўрови юборган эди. Парламент аъзолари воқеага алоқадор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилиб, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидладилар.
Изоҳлар мавжуд емас