Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда бир нечта ўқувчи мактаб биносида 4-синф ўқувчисини калтаклаётгани акс этган видео тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолатга изоҳ берди.
Маълум қилинишича, воқеа 20 сентябрь куни Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 300-умумтаълим мактабида содир бўлган. Дарсдан сўнг 4-синф ўқувчилари ўртасида жанжал чиқиб, муштлашувга айланган. Мактаб раҳбарияти бу ҳақда участка нозири ва мактаб психологини хабардор қилган.
Тергов натижаларига кўра, ҳодисада иштирок этган мактаб ўқувчиларининг ота-оналари жаримага тортилган. Улар 47-модда (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан маъмурий жавобгарликка тортилган.
"Бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун мактабда ота-оналар билан профилактик суҳбат ва йиғилишлар ўтказилди. Директор ва бир қатор ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди", дейилади вазирлик хабарида.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ ўқувчилар қизнинг бели ва кўкрагига зарба бериб, унга ҳужум қилгани, мактаб маъмурияти эса гўёки тегишли чоралар кўрмагани ҳақида хабар берилган эди. Таълим вазирлиги текширув якунлангани, айбдорлар жазолангани ва вазият назоратга олинганини таъкидлади.
Изоҳлар мавжуд емас