Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Пойтахтда ер ости йўлагида қизга ҳужум қилиб, уни тунаганликда гумонланаётган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Ҳодиса 2025 йил 21 декабрь куни соат 21:20 атрофида содир бўлган. 2004 йилда туғилган фуқаро Миробод тумани Амир Темур кўчасидаги ер ости йўлагидан ўтаётган вақтида номаълум эркак томонидан ҳужумга учраган. Жиноятчи жисмоний куч ишлатиб, жабрланувчининг тахминан 500 долларлик мобил телефонини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан гумонланувчининг шахси аниқланган. Маълум бўлишича, ушбу шахс 1999 йилда туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноий жавобгарликка тортилган Мадумаров Отабек Охунжон ўғли бўлиб чиқди. Гумонланувчи қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси ("Босқинчилик") билан жиноят иши қўзғатилган. Қўлга олинган шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ мазкур шахснинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан жабр кўриши мумкин бўлган фуқароларга мурожаат қилиб, 71 206-42-54 телефон рақами ёки 102 қисқа рақами орқали маълумот беришларини сўради.

Изоҳлар мавжуд емас